Якшанба, 19.05.2024, 07:45
Салом сизга Гость
RSS
Qizlar uchun sayt

Dunyo erkaklarning qo'lida, erkaklar esa ayollarning qo'lida

Сайт менюси
БЎЛИМЛАР
QIZIQARLI MA'LUMOTLAR [6]
Шеърлар [5]
Кулинария [0]
Гўзаллик сирлари [0]
Шопинг [0]
Анекдот [0]
Янгиликлар [1]
Мода [0]
Мода
Юлдузлар ҳаётидан [2]
Cаломатлик сирлари [3]
кириш учун форма
Бош саҳифа » Қизиқарли мақолалар ва материаллар » QIZIQARLI MA'LUMOTLAR

Оила тутиш сабоқлари

Оила тутиш сабоқлари

 Орада бир фарзанд бино бўлдими, тамом, рўзғор бузилмаслиги шарт. Ақлан заиф одамнинг иши қийин, аммо бошқа ҳолларда эру хотин хода ютган бўлса ҳам, жуфтини ер ўзини осмон ҳисоблаетган бўлса ҳам, ўз жонидан яралган шу одамча учун эгилиши, ота- она бутунлигини ҳоснл этиш, албатта, бир-бирига мослашиши шарт!

Фарзандлик бўлганда "феълимиз тўғри келмади", деб ажрашмоқчи бўлганлар ақлли одамлар эмас! Феълинг тўри келмаган бўлса, тафаккуринг қаёқда қолди?! Қайдадир айтган эдим: бир беданани қўлга ўргатиш учун неча кунлар енг ичида сақлаб, оғиз билан сув бериб юриб ҳаракат қилади киши. Биргина итнинг тарбиясига қанча оворагарчилик кетади. Аммо ўша бедана ёҳуд ўша ит сен билан неча йил яшайди?! Ўтар-кетар ҳайвонот учун шунча уринасану, умрингнинг охиригача ёнингда борувчи жуфтингдан нега меҳнатингни аяйсан?! Сенга яхши умр йўлдош керакми, керак! Аммо одам дўконда сотилмайди-ку! Буюртма берсанг ясаб берадиган одам йўқ-ку! Бунисидан ажраб, яхшисини топаман деб хом ўйлайсан! Бандасининг хато қилмайдигани йўқ! Бир онадан бино бўлган ака-сингиллар бир-биридан хит бўлиб юради-ю, инсон оти борки, ҳаммасининг сенга кўринмаган, яшаб кўрсанггина ошкор бўладиган камчиликлари сон мингта!

Хулоса шу: никоҳ ўқилдими, бир рўзғорга кирдингми, мослашишинг керак. Бу ичувчи, урувчи ё лапашанг эрга ёки бўлмаса, ивирсиқ, шаллақи хотинга кўниб яшаши дегани эмас! ШИРИН РЎЗГОР ЯРАТИШ УЧУН, БОЛАЛАРИНГ АРМОН ҚИЛМАЙДИГАН ОТА-ОНА БЎЛИШ УЧУН, тинмай ўзингни қайта ишлашинг шарт! Ва жуда эхтиёткорлик билан, дилини оғритмайдиган тарзда жуфтингни ҳам ўзгартириб боришинг бурчингдир!

Дарюқе, "нега энди бу бир марта бериладиган умрда ёмон билан келишиб ёки уни қон ютиб тарбиялаб яшашим керак?!" - дея бўғиларсан. Қулоғингта айтиб қўяй, кимнинг чекига ким тушган бўлса, бу Оллоҳдан! У адашмайди, ҳар кимга ўзига яраша жуфт беради! Агар сенга ёмони учраган бўлса, ё ниятинг ёмон бўлган, ё феълинг чатоқ - ота-онангни кўп норози қилгансан, ҳалол-ҳаромда адашгансан, ё одамларнинг назаридан қолгансан, яъни дуо оладиган ишни кам қилгансан! Ҳозирги ҳолатинг - ўзинг ўзингга ясаб олган қисматинг, тан бер!

 Қандай бўлсам, шундай туравераман, керак бўлса, жуфтимнинг ўзи менга мослашсин”, дейдиган аёл ҳам, эркак ҳам ақлли эмас! Улар бир умр бирга яшайдиган, ҳали қанчадан қанча оғирини ёнида бирга кўтаришадиган, маҳрами жонига ўжарлик, такаббурлик, беписанддик кўрсатмоқда!

Ёнидаги одамга нима учун мажбуран мослашадилар? Бўғилмай яшаш учун, болаларга мўьтадил шароит яратиш учун! Ўзини тинчи-ю фарзандларининг оромидан ўжарлик ва такаббурликни устун қўяётган одамни соғ деб бўладими?

Қизойим, инсон - бамисли лой. Унинг ақл билан иродаси эса кулол, ўзингдан хоҳлаган нарсангни ясаб олишинг мумкин. Фақат ихлос билан, астойдил урин!

Рухий хаста одамга яқинлари тоқат қилишга мажбур, чунки у - бемор. Аммо ўзидаги ёмон феьлларга жуфтини чидашга мажбур қилиш ҳам жинниликдир! Қизойим, сен соғ одамнинг тутумини туггин...

 Ой қизим, сен тадбиркор бўлгин, жуфтинг ёнингдаги чексиз давлатинг ва чексиз лашкарингдир. Сендан кетадигани фақат - сўз! Ўрнини топиб, рағбат бер, ўрнини топиб кўнглини яйратадиган гап айт. Тилаб турган таомни олдига қўй, дилига хуш келадиган хабарлар етказ. Шу йўсинда эритиб, болангни боқдириб ол, камингни битириб ол. Эритиб юриб, уйлар солдир, тўйлар қилдир ва қандингни уриб яшайвер!

Эгилиб эркакнинг қўлига сув қуйиш, эгилиб салом бериш, уни тўрига ўтқизиб ҳурматлаш МУТЕЛИК эмас! Эркакдан бир қадам орқада юриш, ўзни шогирд, эрни устоз санаш ҚЎРҚИШ ёки ИРОДАСИЗЛИК эмас! Бу - одоб билан рўзғорнинг ишини битириш: "сизнинг гапингиз маъқул" деб туриб, айрим ўйинқароқ, бепарво эрларни оилапарварга айлантириб олиш илмидир

"Бақироқ туянинг бори яхши", дейди халқ ва буни бекорга айтмайди! Сенга ёқадими, ёқмайдими, хунукми, чиройликми, бойми, камбағалми - зшигингдан кириб келадиган эркагингнинг борлиги ўзи ярим давлатинг

Шарқ аёллари ўзларининг ақллилиги, ишбилармонлигини жуфтларига мунозара ва даҳанаки жанглар билан кўрсатмайдилар. Нафсилампирини айтганда, рўзғор деган зил юкни тортишдай юмуш турганда, эру аёлнинг "сен зўрми, менми", дея баҳс қилишида не мантиқ бор?! Аксинча, бизнинг миллатда жуфтидан ўзиб кетгаи аёл ич-этини еб юради! Биз гоҳо ўзимизда Тўмарисларнинг салоҳияти борлигини сезсак- да, дил-дилдан забардаст эрларимизнинг паноҳида, ҳимоясида бўлишни жуда-жуда истаймиз! Шунинг учун, ўзимизни орқага олиб, эрларни карвонбоши бўлишга ундайверамиз.

Қизойим, зркак зоти ўз аёлидан мукаммал бўлишни жуда-жуда хоҳлайди. Шу боис, жуфтинг қошида ҳаргиз-ҳаргиз билимингни намойиш қила кўрма! Малол келасан. Рўзгорнинг буюклиги шундаки, эру аёл бирининг камини бир тўлдириб, бир бутунликка айланиб боради. Аммо бунинг ёзилмаган ўз қоидаси бор: эр ошкора, АЁЛ ЭСА СЕЗДИРМАЙ ЎРГАТАДИ!

Жуфтингнинг бирор фикри ёки бирор феълини инкор қилишдан аввал, унинг қайсидир ишини қотириб мақта, қойил қолганингга уни ишонтир! Чунки эркак зоти ўта таъсирчан: осонгина тиккаланиб, осонгина синади.

 Жуфтингга овқат беришни унутсанг, қандай натижа бўлса, уни ўзига ўзини мақташни унутсанг ҳам шундай ҳосил оласан!

Урушқоқ бўлсанг, дунёдаги ҳамма билан урушиб чиқ! Аразчи бўлсанг, ҳаммадан бир-бир аразла, ғўддайсанг, ҳаммага ғўлдай! Аммо эр зоти билан тиккалашма - у сенинг ярминг, хўш, зўрлигингни ўзингга кўрсатмоқчимисан?

Ҳаргиз эр зотидан гина қилма, у чекингга тушган сенинг мулкинг, қўлингдаги нақдингдан фойдалана билмаяпсанми, айб ўзингда! Ойдин қизим, жуфти устидан ҳасрат ўқийдиган, уйдаги сирини кўчада ҳикоя қилиб юрадиган бепарда келин бўлма! Ёмонинг яхши бўлиб қолмайди!

Яхшиси, уни ўзингга ёқадиган ишларга тайёрла, ўзингга маъқул келадиган ниятларни юрагига сол. Қай кўйга тушсанг тушу рўзғор ва болаларинг фойдаси учун ундан унумли фойдалан.

Гуноҳ қилган жуфтингни таъзирини бериб қўйишга ҳам шошилма - у сенга камида эллик йилга бернлган. Эрга бор, индин бор, ёз бор, қиш бор, жойини топиб, боплашга улгурасан!

Эркак ёниб турганда, сен ўчиб тур! Сабаби, жанг чиқса, иккалангиз ҳам ютқазасиз - рўзғорнинг иши қолиб кетади! Шу рўзғор умидида уй тутдингиз, рўзгор муаммолари бирламчидир, аввал унинг иши битсин! Эру хотинлик можароларини кейинга қўй. Бундан хатто ютасан, чунки унгача жахлинг тарқаб, босиласан. Қарабсанки, яна бир хунукликнинг олди олинади.

Қизойим, эҳтиётингни қил ва эсингда бўлсинки, биров билан даҳнаки уруш қилаётган кимса, айниқса, аёл дунёда энг хунук одамдир!

Турсуной опанинг "Ўғлим сенга айтаман" китобидан олинди

Категория: QIZIQARLI MA'LUMOTLAR | Қўшди: Dugona (15.12.2012) | Автор: Турсуной Содиқова
Кўрилган: 1959 | Рейтинг: 1.0/1
Излаш
Ҳамкор сайтлар
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • Инструкции для uCoz

  • Copyright MyCorp © 2024
    Конструктор сайтов - uCoz